СУД-БИОЛОГИК ЭКСПЕРТИЗАСИНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ ВА УНИНГ СУД-ТЕРГОВ ЖАРАЁНИДАГИ РОЛИ

Жиноятларни очиш ва тергов қилиш самарадорлиги фан-техниканинг замонавий ютуқларидан кенг фойдаланиш билан белгиланади. Махсус билимлар ёрдамида жиноят воқеасига тааллуқли объектларни текшириш, у ҳақида объектив далилларни олишнинг муҳим воситасидир.

Суд-биологик экспертизасининг предмети жиноий ишлар бўйича исбот қилиш объектига тегишли махсус биологик-криминалистик билимлар ва тадқиқотлар асосида аниқланадиган далиллардан иборат. Инсонни кундалик фаолиятда ўраб турадиган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўп турлилиги ботаник ва зоологик объектларнинг ашёвий далил сифатида тез-тез учраб туришини таъминлайди. Хусусан, қотиллик, зўрлаш, босқинчилик каби жиноятлар, одатда, ҳодиса ашёвий ҳолатининг ботаник асосини ташкил қилувчи – тирик ва ўлик ўсимликларга бой очиқ муҳитда содир этилади. Ботаник табиатга эга майда заррачаларни текшириш орқали субъектнинг воқеа содир бўлган жойда бўлганлигини, гумонланувчи ва жабрланувчи предметларининг ўзаро алоқасини (контактини) тасдиқлаш, тупроқ қолдиқларини комплекс тадқиқ қилиш асосида маҳаллий майдон жойини аниқлаш мумкин.

Суд-биологик экспертизаси икки асосий турга бўлинади:

  1. Суд-ботаник экспертизаси;
  2. Суд-зоологик экспертизаси.

Суд-ботаник экспертизаси объектларига ўсимлик ва унинг қисмлари (ёғочи, пўстлоғ, поялари, барглари, илдизи, уруғи,  мевалари, гули), ўсимлик  маҳсулотлари ( ун, ёрма (крупа), крахмал, чой, қалампир, тамаки), ем-хашак (пичан, сомон, силос, кунжара), қоғоз, картон ва улардан ясалган буюмлар, дарахтдан ясалган буюмлар ҳамда  асал киради.

Суд-биологик экспертизаси ёрдамида диагностик масалалар  ўсимлик объектларининг жиноятга бевосита алоқадор бўлган физик, кимёвий, динамик хусусиятларини, шунингдек, уларнинг қандай физиологик ўзгаришга (масалан, куртакнинг барг ёки гулга айланиши ёки ўсимлик тўқимаси босимининг, ҳамда ҳужайралар таркибидаги крахмал миқдорининг ўзгариши) учраганлиги, классификацион масалалардалилий ашё сифатида тақдим этилган ўсимлик объектлари ёки уларнинг изларини (масалан, кийимдаги яшил доғ ёки буюмдаги барг изи ва ҳ.к.) қандай таксономик турга тааллуқлилиги ва идентификацион масалалар солиштирма намуналар тақдим этилганда, яъни воқеа жойидан олинган ўсимлик қолдиқларини солиштирма намуналарга таққослаб, унинг умумий таксономик тур, гуруҳ, туркумга мансублиги аниқланади.

Ўсимлик моддасининг табиатини аниқлашда: гумонланувчи кийимидаги доғ нимадан ҳосил бўлганини (ун ёки охакдан), унинг кийимидаги яшил доғлар нимадан ҳосил бўлгани, агар ўсимликдан бўлса, улар ҳодиса содир бўлган жойдаги ўсимлик турига кириш-кирмаслигини, гумонланувчи ёки жабрланувчининг кийимидан топилган ўсимлик қайси турга (туркум, оила) кириши, ҳодиса жойидан олинган пичоқнинг ёғоч дастаси қандай дарахтдан ясалгани каби масалалар ечилади.                           

Суд-зоологик экспертизасининг предмети жиноий ишларни тергов қилишда ашёвий далил сифатида хизмат қилувчи ҳайвонот дунёси объектлари бўйича биологиянинг турли соҳаларида ва бир неча табиий, техник фанлар борасидаги махсус билимлар заминида аниқланадиган далиллардан иборат. Суд-зоологик экспертизасининг илмий негизини биологиянинг турли тармоқлари – хайвонларнинг морфологияси ва анатомияси, цитология, орнитология, ихтиология, энтомология ташкил қилади. Шу сабабли, объект ҳайвонот дунёсининг қайси турига тааллуқлилигига қараб, суд-зоологик экспертизасининг бир неча хили, яъни суд-орнитологик экспертизаси (қушлар дунёсини текшириш), суд-ихтиологик экспертизаси (балиқларни текшириш), суд-энтомологик экспертизаси (ҳашаротларни текшириш) тайинланади.

Суд-зоологик экспертизаси объектлари қаторига ҳайвонлар жуни, қили, териси, қушларнинг пари, пати, балиқ тангачалари, ҳашаротлар, уларнинг қолдиқлари (ахлати) киради.

Суд-зоологик экспертизасида ҳам диагностик масалалар – ҳайвон объектларининг жиноятга бевосита алоқадор бўлган ҳолати  (фрагментация, ривожланиш даражаси, деструктив ўзгаришлар мавжудлиги ва ҳ.к.), ташқи таъсир тафсилотлари, вақт характеристикалари, классификацион масалалар –  далилий ашё сифатида тақдим этилган ҳайвон объектларининг (қуш, балиқ, ҳашаротлар) тана қисмларига, маълум бир белги ва хоссаларига қараб, қандай таксономик турга тааллуклилиги, идентификацион масалаларсолиштирма намуналар тақдим этилганда, яъни воқа жойидан олинган ҳайвон қолдиқлари тақдим этилган солиштирма намуналарга таққослаб, унинг умумий таксономик тур, гуруҳ, туркумга мансублиги аниқланади.

Суд-зоологик экспертизаси объектларидан амалиётда кўп учрайдигани ҳайвонлар жуни бўлиб, у жониворларни транспорт босиб кетиши, қорамол, қўй ва бошқа ҳайвонларни ўғирлаш, ҳайвонларни ноқонуний йўл билан ов қилиш (браконьерлик), тери, жун маҳсулотларини  ўғирлаш каби жиноий ишлар билан боғлиқ ҳолларда текширилади. Бунда эксперт олдига жуннинг қайси тур (туркум) даги ҳайвонга тегишли эканлигини ва буюмларнинг қайси ҳайвоннинг жунидан тайёрланганлигини аниқлаш вазифалари қўйилади.

Уй паррандаларини ўғирлаш, ноқонуний ов қилиш  билан боғлиқ бўлган жиноий ишлар тергов қилинганда суд-биологик экспертизасининг алоҳида йўналиши–суд-орнитологик экспертизаси муҳим аҳамият касб этади. Бунда текшириш учун парранданинг пати ёки пари тақдим қилиниб, уларнинг қайси таксономик турга мансублиги, суд-ихтиологик экспертизаси ёрдамида балиқ тангачалари, суяклари, уруғи, қисмлари каби объектларнинг қайси таксономик турга мансублиги ва суд-энтомологик экспертизаси ёрдамида ҳашаротларнинг қайси таксономик турга мансублиги таққослаш йўллари билан аниқланади.

Ушбу турдаги экспертизалар тайинланганда ҳодиса жойини кўздан кечириш ва намуналарни олиш баённомалари, ҳамда бошқа зарур ҳужжатларнинг тўғри тақдим қилиниши экспертизаларнинг муваффақиятли ўтказилишига замин яратади.

Х.Сулаймонова номли Республика суд
экспертизаси маркази етакчи эксперти
М.Х.Камилова

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .