smk1

Сифат менеджменти тизими ва ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талабларининг жорий этилиши. Аккредитация жараёни.

          Сифат менеджменти тизимининг сертификацияси учинчи томондан (сертификация ташкилоти) мустақил аудитлар ўтказилишига асосланган.

          Сифат менеджменти тизими буюртмачи (мижоз) нинг талабларига биноан амалга  оширилади. Буюртмачилар характеристикалари уларнинг эҳтиёжлари ва умидларини қондирадиган маҳсулотларга (хизматларга) муҳтож. Буюртмачиларнинг талаб ва истаклари домий равишда ўзгариб туради, шунинг учун ташкилотлар рақобат муҳити (бозор) ва технологик тараққиёт томонидан яратилган босимни бошдан кечирмоқда.Буюртмачи (мижоз) нинг доимий қониқишини таъминлаш мақсадида ташкилот ўз маҳсулотларини ва уларнинг жараёнларини домий равишда яхшилаб бориши керак. Ташкилотнинг сифат менеджмент тизими, бошқариш воситаларидан бири сифатида, ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарияти ва унинг истеъмолчиларига, ташкилот талабларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотларни етказиб беришга қодир эканлигига ишонч уйғотади (белгиланган маблағ ҳисобига аниқ вақт ичида зарур бўлган миқдорда сифатли маҳсулотни етказиб беради).

          Сифат менеджменти тизими сифат менеджментининг 8 та тамойилига асосланган:

1 Истеъмолчига (буюртмачи) эътибор қилган ҳолда иш тутиш—истеъмолчиларнинг (буюртмачи) дидидага ўзгаришларга ташкилий, услубий ва техник жиҳатдан мослашиш стратегиясини ишлаб чиқиш, рақобатли бозор шароитида фаолият юритаётган ҳар бир ташкилот ва корхона учун ҳаётий жиҳатдан муҳим.

2 Бошқарувнинг ўрни— бунга тамойилга кўра, раҳбар сифатни бошқаришнинг барча тамойилларига тизимли ёндашиши, яъни уларни ўзаро уйғунликда, алоқадорликда тасаввур қилиш лозим. Бу эса сифатни бошқариш ишларининг муваффақиятли якунланишигахизмат қиладиган омилларни аниқлаш ва уларнинг юзага келиши учун зарур шароитларни яратишга асос бўлади.

3 Ходимларни жалб этиш— бу СМТнинг асосий қоидаларидан бири бўлиб, унга кўра ҳар бир ходим сифатни бошқариш фаолиятига жалб қилинган бўлиши керак. Уларнинг ҳар бирида яхшиланишга ички эҳтиёж вужудга келгандагина  мазкур мақсадга эришиш мумкин бўлади.

4-5 Жараёнли ёндашув ва у билан боғланган бешинчи тамойил бошқаришга  тизимли ёндашув. Бу тамойилларга кўра, маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқарув ўзаро боғланган жараёнларнинг мажмуидир. Ҳар бир жараёнга ўзининг кириши ва чиқиши, “таъминотчилари” ва “истеъмолчилари” га эга бўлган тизим сифатида қаралади. Ушбу тамойилларга амал қилиш натижасида қарор топтирилган иерархик ташкилий тузилмага таянган ҳолда бошқарувни амалга оширишни кўзлаган ёндашувларда ўзгаришлар ясалади. Ягона жараёнларнинг ташкилий жиҳатдан ажратилган бўлинмалар томонидан амалга оширилиши оқибатида қийинчиликлар ва муаммолар юзага келишини амалиёт кўрсатди. Уларни бартараф қилиш йўлида гуруҳли ёндашув ишлаб чиқилган.

6 Доимий яхшиланиш— умуман ташкилотнинг домий яхшиланишини ўзгармас мақсади сифатида қаралади.

7 Маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш-бу тамойилни амалга ошириш асосланмаган қарорлар қабул қилишдан воз кечишни тарғиб қилади. Ҳисобот маълумотларини тўплаб, уларни таҳлил қилиш асосида қарор қабул қилинади.

8 Таъминотчилар билан ўзаро манфаатли муносабатлар-ушбу тамойил нафақат ташқи, балки ички таъминотчиларга нисбатан ҳам қўлланилади. Шуни таъкидлаш лозимки, сифатни бошқаришнинг замонавий концепцияси исталган мақсадга йўналтирилган фаолият турини бошқариш концепциясидир. У фақат ишлаб чиқариш соҳасига таалуқли бўлиб қолмай, балки  давлат ва муниципал бошқарув, қуролли кучлар ва бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятга эришишни кафолатлайди.

ISO/IEC 17025 стандарти бўйича аккредитациядан ўтиш ўзи нима дегани?

ИСО (инг. International Organization for Standardization, ISO)-стандартлар ишлаб чиқарувчи халқаро ташкилот бўлиб ҳисобланади. Стандартизация бўйича халқаро ташкилот 1946 йилда ISA (International Federation of the National Standardizing Associations, 1926 йил Нью-Йорк) ва UNSCC (United Nations Standards Coordinating Committee, 1944 йил) ташкилотлари негизида 25 та стандартизация бўйича миллий ташкилотлар томонидан ташкил этилган.

ISO/IEC 17025 (ингл. «General requirements for the competence of testing and calibration laboratories»,  «Синов ва калибрлаш лабораторияларининг лаёқатлилигига қўйиладиган талаблар») — синов ва калибрлаш лабораторияларининг сифат менеджмент стандарти бўлиб ҳисобланади.Стандартнинг инглиз тилидаги версияси дастлаб 1999 йилда қабул қилинган. Синов ва калибрлаш лабораториялари техник ваколатланган ва техник жиҳатдан асосли натижаларни олишга қодир эканлигини кўрсатишни истаса, Стандарт бунинг учун бажарилиши керак бўлган бир қатор талабларни белгилайди. Мазкур стандартнинг қўлланилиши лабораториялар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликнинг ўрнатилишига, хусусан, тадқиқот натижалари  ва калибрлаш ишларининг турли мамлакатлар томонидан тан олинишига олиб келади. ISO/IEC 17025 стандарти метрологик ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ISO 9001 сифат менеджменти моделига асосланади.  Хусусан, ISO/IEC 17025 стандарти ISO 9001 стандартида миллий аккредитация органлари томонидан лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва лабораториянинг техник ваколатлари сифатида мавжуд бўлмаган тушунчалар билан ишлайди. Лабораториянинг ISO/IEC 17025 талабларига мувофиқлиги ISO 9001 га мувофиқлигини ҳам англатади.

Аккредитация (лот. accredo, «ишониш») -объект (марказ ёки лаб.) фаолиятининг стандартнинг белгиланган кўрсатгич, мезон ва талабларига мос келишини расман тасдиқланиш жараёни бўлиб ҳисобланади.

ISO/IEC 17025 стандарти лабораторияга тадқиқотлар ваколат доирасида бажарилаётганлигини ва ишончли натижаларни тақдим этаётганлигини кўрсатиш имконини беради, шу билан бирга ҳам миллий, ҳам жахон миқиёсида ишонч даражасининг ошишига сабаб бўлади. Тадқиқот баённомалари ва сертификатлари турли мамлакатларда қўшимча текширишларсиз қабул қилинади, бу эса ўз навбатида ҳалқаро савдо ва малака алмашинувини ривожланишига олиб келади.

ISO/IEC 17025 стандарти ким учун мўлжалланган?

ISO/IEC 17025 тестдан ўтказиш, намуна олиш ёки калибровкалаш билан шуғулланувчи ва ишончли натижалар олишни истаган ҳар қандай ташкилотда қўллаш учун мўлжалланган. Стандарт давлат, ишлаб чиқарувчи фирма ёки бошқа ташкилотга таалуқли бўлган ҳар қандай турдаги лабораторияларда қўлланилиши мумкин. Шунингдек, мазкур Стандарт  университет, илмий-тадқиқот марказлари, синовдан ўтказиш, намуналар олиш ёки калибрлаш зарур бўлган ҳукуматлар, инспекция органлари, маҳсулотни сертификатлаш ташкилотлари ва бошқа мувофиқликни аниқлаш органларида ҳам қўлланилиши мумкин.

Лабораторияда сифатни бошқариш тизими қандай тадбиқ этилиши керак?

 Лаборатория аккредитацияси мижозларнинг ўтказилаётган  тадқиқотларининг сифати ва ваколатлилигига бўлган ишончини таъминлаш механизми бўлиб ҳисобланади.

Акрредитация лаборатория мижознинг синов, ўлчов ёки тадқиқотларни ўтказиш соҳасидаги талабини қондириш, шунингдек, тадқиқот ва ўлчовларни айрим турларини ўтказишда унинг техник қобилиятини расман тан олиниши бўлиб ҳисобланади.

Лаборатория фаолиятининг ISO/IEC 17025 стандарти талабларига мувофиқлиги унинг аккредитациядан ўтишига имкон беради. Стандарт икки қисмдан иборат: лаборатория менеджменти билан боғлиқ бўлган қисм ва синов ёки ўлчаш усулларига техник талабларни ўз ичига олган техник қисм. ISO/IEC 17025 стандартига мувофиқ менеджмент тизимини жорий этишда биз бир вақтнинг ўзида ISO 9001 стандарт талабини ҳам бажарамиз, чунки лабораторияда Сифатни бошқариш тизими билан боғлиқ бўлган саволларнинг маълум қисми Сифат Менеджменти Тизимининг талабларига боғлиқ.

Лабораторияларни аккредитациядан ўтказишда техник ваколатлиликни баҳолаш учун махсус ишлаб чиқилган мезон ва тартиблардан фойдаланилади. Техник баҳолаш бўйича мутахассислар лабораторияларда синов ва калибрлаш вақтида маълумот йиғишга таъсир қилувчи барча омилларни комплекс таҳлилини ўтказадилар. Ушбу мезонлар ISO / IEC 17025 халқаро стандартига (бутун дунё бўйлаб лабораторияларни баҳолаш учун фойдаланилади), шунингдек дастур учун тартибга солувчи ва спецификация органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган бошқа техник талабларга асосланади.

Лабораторияни аккредитациядан ўтказувчи ташкилотлар ISO/IEC 17025 стандартидан лабораторияни синов ва калибрлаш вақтида аниқ маълумотларни тақдим этиш қобилиятига таъсир этувчи омилларини баҳолаш учун фойдаланадалар. Уларга қуйидагилар киради:

-ходимларнинг техник малакаси;
-синов усулларининг ишончлилиги ва мақсадга мувофиқлиги;
-ўлчов ва калибровкаларнинг миллий стандартларга мувофиқлиги;
-синов ускуналарининг яроқлилиги, калибрланиши ва техник хизмат кўрсатилиши;
-синов ва калибрлаш вақтида маълумотлар сифатини таъминлаш;
-синов ва тадқиқот учун намуналарни танлаш, улардан фойдаланиш ва ташиш учун шароитлар яратиш.

          Юқорида таъкидланганидек, лабораторияларни ISO/IEC 17025 стандарт талаби бўйича аккредитациядан ўтказиш ISO 9001 стандартининг талабларида тасдиқланган сифат менеджменти тизимининг бир хил тамойилларини ўз ичига олади.           Аккредитациядан ўтган лабораторияларнинг стандарт талабларига мувофиқ фаолият юритаётганлигини ўрганиш улар фаолиятини қайта текшириш орқали баҳоланади. Бундай лабораториялар ўзларининг ваколатларини домий равишда намоён қилишлари учун мунтазам равишда билим ва кўникмаларни текшириш, яъни профессионал тест ёки лабораториялараро тўзаро текшириш дастурларида иштирок этиб боришлари керак.

Аккредитациянинг мижозларга қандай фойдаси бор?

Кафолатланган хизматлар – мижоз ишончли сифат тизимига эга бўлган техник жиҳатдан ваколатли лабораторияни танлаганига амин бўлади;

-Қимматбаҳо қайта тадқиқотларни (масалан, экспертизаларни) олдини олиш – мустақил, ваколатли учинчи томон синовлари ёки калибрлаш лабораторияси томонидан синчковлик билан баҳоланганлиги мижозда тадқиқотларга бўлган ишончни оширади;

-Ҳаражатларнинг пасайиши ва чет элда ташкилот тадқиқотларига (масалан, экспертиза хулосаларига) бўлган талабнинг ошиши – Халқаро шартномалар тизими (масалан, Халқаро лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ассоциацияси (ILAC) билан ўзаро тан олиш тўғрисида келишув) туфайли, аккредитация қилинган лабораториянинг маълумотлари халқаро  миқиёсда хорижий давлатлар томонидан сўзсиз тан олинади. Бундай тан олиниш қайта тадқиқотлар (масалан, қайта экспертизалар) ўтказишни камайтириш ҳисобига ҳаражатлар кўламини ёки импорт мамлакатларида уларга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Тайёр воситаларни тақдим этиш орқали мижозларга уларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган ишончли синов ва калибрлаш хизматларини топиш учун лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш, уларни халқаро миқиёсда расмий тан олинишини таъминлайди.

Лабораториянинг ISO/IEC 17025 Стандарт талаблари бўйича аккредитациядан ўтишининг афзалликлари:

  • Обрў-эътибор— аккредитация органлари ва лабораториялари томонидан берилган тадқиқот натижалари, сертификатлар, калибровка ҳақидаги гувоҳномалар ва бошқа хужжатлар ҳамма жабҳада тан олинади;
  • мижозларнинг ишончи— аккредитация лаборатория мижозлар талабини қондира оладиган объектив далил, шунингдек, миллий ва халқаро бозорларда хизмат кўрсатувчи провайдерларни танлашда муҳим далил бўлиб хизмат қилади;
  • тадқиқот натижаларининг аниқ ва ишончлилиги— агар лаборатория маълум фаолият соҳаси бўйича аккредитацияга эга бўлса, унинг тадқиқотлари аниқ ва ишончли эканлигидан далолат беради;
  • қарорларни қабул қилиш бўйича тадқиқотлар-аккредитациядан ўтган ташкилотлар қарорлар қабул қилиш мумкин бўлган ишончли маълумотларни тақдим этадилар;
  • бозор иқтисодиётида мустаҳкам ўринга эга бўлиш— аккредитация Европа, АҚШ, Канада, Япония ва бошқа давлатлар экспорт бозорига йўл очиши мумкин;
  • ходимлар фаолият сифатининг яхшиланиши— аккредитация органи томонидан мунтазам текширишларни ўтказиш ҳисобига ходимлар ваколатлилигини ва малакасини ошириб борилиши;
  • Европа Иттифоқи норматив талабларига мувофиқ бўлиши;
  • Европа Иттифоқидан ёрдамчи манбалар (субсидиялар, кредитлар) олиш имкониятини оширади.

          Бугунги кунда  Адлия вазирлиги ҳузуридаги  Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг “Одам ДНКси суд биологик экспертизаси” ва “Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси” лабораториялари Қозоғистон Республикаси Миллий Аккредитация Маркази томонидан ISO/IEC 17025:2019 стандартининг талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш босқичида турибди. Бунинг учун  Марказда  2018-2019 йилларда Стандарт  талабларига асосан Сифат бўйича қўлланма (Руководство по качеству) ва 19 та умумий жараён хужжатлари,  лабораторияларнинг техник жараён хужжатлари ҳамда аккредитация соҳалари бўйича йўриқномалари  ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Аккредитация соҳалари бўйича усуллар валидацияси ўтказилиб, ҳисоботлари стандарт талабларига кўра расмийлаштирилди. Стандарт талаблари бўйича умумий жараён хужжатларининг махсус шакллари амалиётга жорий этилди ва ҳозирги кунда ҳам тадбиқ этиб келинмоқда. Танланган аккредитация соҳалари бўйича “CTS” ва “ICE” фирмаларининг  криминалистик лабораториялар учун ишлаб чиқарилган профессионал  тестлари бўйича синов текширувлари ўтказилиб, натижалари  бўйича ижобий  хулосалар олинди.

Сифат менеджменти бўлими бошлиғи
Д.М.Тошева

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .