СУД ЭКСПЕРТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ

Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертиза тўғрисида”ги Қонунида “Суд эксперти — хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида тайинланган жисмоний шахс”[1] деб кўрсатилган. Мазкур қонуннинг 10-моддаси эса “Суд эксперти” деб номланади ва унга кўра: “Суд эксперти сифатида давлат суд эксперти, бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Бошқа ташкилот ходими суд экспертизасини уни тайинлаган орган (шахс) томонидан мазкур ташкилотга берилган топшириқни бажариш тартибида ўтказади.

Ишда суд эксперти сифатида иштирок этиш учун жалб этилган бошқа жисмоний шахс бирон-бир давлат суд-экспертиза муассасаси штатида турмайди ва суд экспертизасини уни тайинлаган органнинг (шахснинг) топшириғини бажариш тартибида ўтказади.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар суд эксперти сифатида жалб этилиши мумкин эмас. Шахснинг суд эксперти сифатида иштирок этишини истисно этадиган бошқа ҳолатлар процессуал қонунда назарда тутилади.

Суд эксперти иш ҳолатларини текширишда фақат ўзига топширилган суд экспертизаси предметига тааллуқли ва хулоса бериш учун аҳамиятга молик масалалар бўйича иштирок этади.

Суриштирув, дастлабки тергов органлари, суд ва суд муҳокамасидаги тарафлар суд экспертига фақат унга топширилган суд экспертизаси ва у томонидан берилган хулоса муносабати билан мурожаат этишга ҳақли.

Суд эксперти фақат ўзи томонидан берилган хулоса ва шахсан ўтказган текширишлари юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Суд экспертини у хулоса бергунига қадар сўроқ қилиш тақиқланади”.

Соҳавий кодексларга биноан (масалан, Жиноят-процессуал кодексининг 67-моддаси, Маъмурий жавогарлик тўғрисидаги кодекснинг 299-моддаси, Фуқаролик-процессуал кодексиинг 95-моддаси ва ҳ.к.), хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс эксперт сифатида чақирилиши мумкин.

Махсус билимлар ― бу қонунчиликда белгиланган тартибда ишларни судда кўришда аҳамиятли ҳолатларни холисона аниқлаш учун қўлланиладиган, хамма ҳам билавермайдиган (тушунарли бўлмаган) ва фақат касбий тайёргарлик жараёнида эгалланадиган илмий билимлар, ваколатли шахснинг, натижалари қонунчиликда белгиланган исботлов манбалари шаклида фойдаланиладиган, процссуал ва нопроцессуал шаклларда қўлланиладиган тажриба ва кўникмаларидир.

 “Суд экспертиза тўғрисида”ги қонунга биноан суд экспертларининг қуйидаги тофиаларини ажратиш мумкин:

1) давлат суд эксперти, яъни, давлат суд-экспертиза муассасасининг штатида турувчи ва ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи лавозимдаги ходим;

2) бошқа ташкилот ходими (жумладан, нодавлат суд экспертиза ташкилотининг суд эксперти);

3) бошқа жисмоний шахс.

Бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс суриштирувчи, терговчи, суд томонидан чиқарилган топшириқ асосида суд экспертизасини ўтказади. Экспертиза ўтказувчи бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс қонунчиликда белгиланган тартибда давлат суд экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади. Уларнинг процессуал мақоми бир хил бўлади, фақат тайинлаш тартиби билангина фарқ қиладилар.

Бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс экспертиза тайинловчи шахснинг, экспертиза ўтказиш унга топширилганлиги кўрсатилган ёзма топшириғини олгандан бошлаб суд эксперти ҳисобланади.

Давлат суд эсперти эса экспертиза муассаси раҳбарининг муайян иш бўйича экспертиза ўтказиш топширилганидан сўнг суд эксперти мақомига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида суд экспертига малака оид талаблар белгиланган. Бундай талаблар Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонунида “Давлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича кейинги тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эгаллаши мумкин. Суд эксперти сифатида жалб этиладиган бошқа ташкилот ходими ва бошқа жисмоний шахс олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлиши лозим” деб аниқ белгилаб қўйилган.

Давлат суд эксперти сифатида, олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича тайёргарликдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказилиши мумкин.

Давлат суд эксперти сифатда аттестациядан ўтказиш Вазирлар Махкамасининг 2010 йил 16 декабрдаги 300-сон Қарори билан тасдиқланган «Давлат суд эксперти сифатида аттестация ўтказиш тартиби тўғрсидаги Йўриқнома» асосида амалга оширилади. Давлат суд экспертининг малакасаси экспертиза муассаси томонидан аниқланадиган экспертлик мутахасисликлари рўйхатига мос ҳолда берилади. Давлат суд эксперти сифатида аттестация давлат суд экспертининг касбий маҳорати даражасини ва экспертга қўйиладиган малакавий талабларга мослигини холис баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Экспертиза муассасасига ишга қабул қилинаётган ходим махсус тайёргарликдан ўтиши керак. Бундай тайёргарлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

1) иш жойи бўйича бевосита экспертиза муассасасидаги мустақил тайёргарлик;

2) олий таълим муассасаларида ўқув режасига биноан экспертлик мутахассислигини берилиши.

Суд экспертизаларининг аниқ бир тури ва экспертиза мутахассислиги бўйича суд экспертларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тасдиқланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори билан “Илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, суд экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари”[2] этиб белгилангани боис, ҳозирги кунда суд экспертларига қўйиладиган малака талаблари халаро стандартларга тўиқ мослашди.

Фикримизча, эндиликда суд экспертларига қуйидаги талаблар ҳам белгиланди:

– суд эксперти ўзи амалга оширган (ошираётган) илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини экспертиза амалиётига татбиқ эта олиши;

– амалий тажрибаси ва илмий-тадқиқот фаолияти натижаларига асосланиб, муайян турдаги экспертиза тадқиқотлари методикасини такомиллаштириш (янги методика яратиш ёки мавжуд методикани бойитиш) бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқа олиши лозим.

[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги «Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонуни, 15-модда. / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. — Т., 2010. — 22-сон. — 173-м.

[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2145-сон қарори.

Ш. Абдуқодирова
МАБКЭ лабораторияси иш ўрганувчи эксперти