Коррупция – жамият кушандаси

Барчамизга маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жадал ривожланаётган мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олган. Сўнгги йилларда жамиятнинг барча соҳаларида, хусусан: иқтисодиёт, ташқи алоқалар, ижтимоий соҳа, таълим, фан, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга эътибор анчагина кучайтирилди ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мана шундай ислоҳотлар, ҳуқуқ соҳасида ҳам узлюксиз равишда амалга оширилмоқда.  Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, 2008-йилда Ўзбекистон Республикаси БМТ ташкилотининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенсияси”га аъзо бўлди. 2010-йилда Истамбулдаги “Коррупцияга қарши курашиш ҳаракати”га аъзо бўлди. 2014-йил 14-майдаги Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Шу қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-212 моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Энг асосийси эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017-йил 3-январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бўлди.

Коррупция – бу нима? Коррупцияни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Чунки коррупция баъзилар учун тараққиёт кушандаси. Баъзилар учун эса шунчаки ўз манфаат, эҳтиёжларини қондиришнинг бир усули. Жамиятда ҳар хил инсонлар учраб туради. Кўчма маънода эзгулик ва ёвузлик тарафдорлари. Эзгулик тарафдори бўлган инсонлар давлат, жамият учун қандай ижобий хизмат қилсам экан деб ўйласалар, ёвузлик тарафдори бўлган шахслар эса шахсий манфаатларини кўзлаб давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Коррупцияга юридик жиҳатдан таъриф берадиган бўлсак, коррупция – бу мансабдор шахсларнинг шахсий бойиш ёки мулкий наф кўриш мақсадида сотилишидир. “Коррупция” сўзи, лотинча сўздан олинган бўлиб, “бузиш”, “сотиб олиш” деган маъноларни билдиради.

Айтиш жоизки, Коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, тамагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга минбъад чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди. Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишдан ташқари, ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилиб, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илму ҳунар, обрў ва мансаб берган эл-юртнинг юзига оёқ қўяди.

Ушбу зарарли иллатни олдини олиш учун, биз ишни аввало ўзимизда бошлашимизга тўғри келади. Чунки, танганинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Нафақат, мансабдор шахслар, балки оддий фуқаролар ҳам айрим вақтларда Коррупцияга қўл уриш ҳолатлари кузатилаётгани сир эмас. Айнан, моддий ёки бошқа манфаат йўлида фуқаролар ҳам мансабдор шахсларга бир қанча миқдорда “узатишмоқда”.

Хулоса сифатида қуйидаги фикрларни келтириш мумкин: баъзилар ўйлаши мумкин, инсонларнинг пора “олди-бердисида” қатнашиши ёки воситачилик қилиши бу жамият учун, давлат учун катта хавф эмас деб. Лекин, шунга ўхшаш ҳолатларнинг минглаб кузатилиши, орадан вақтлар ўтиб, давлатни парокандаликка олиб келиши мумкин.

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол одам ҳаётда ғолиб бўлиб, бахтли-саодатли яшайди. Бугун бутун жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга интилмоқда.

 

Суд-фонография лабораторияси эксперти                                                              Б.Ш. Мирзаахмедов