Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ўтказилди

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг кичик залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда ОАВ вакилларига суд-экспертлик фаолиятидаги янгиликлар
ва амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот етказилди.

Жумладан,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Давлат суд-экспертиза муассасаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасида суд экспертизаси институтини ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш, ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиб келмокда.

Айниқса кейинги йилларда суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2017 йил 13 апрелда қабул қилинган 206-сонли Ҳукумат қарори асосида барча вилоятларда Марказнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, экспертларни замон талаблари даражасида малакасини ошириш учун Ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади.

Жорий йилнинг 17 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4125-сон қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Унга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига суд экспертизаларининг 44 та турини ўтказиш ҳуқуқи берилди, уларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ташкил қилиш ҳамда суд эксперти сертификатини олган шахсларнинг Ягона реестрини ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтингини юритиш белгиланди.

Шунингдек, қарор билан 2019-2020 йилларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 25 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди ва унга асосан суд-экспертиза хизматлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, амалиётга янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, суд экспертизаларининг турларини кенгайтириш, уларнинг сифати ва ишончлилигини ошириш, Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, суд-экспертлик фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ихтисослаштирилган нодавлат суд экспертиза ташкилотларини ривожлантириш йўналишлари белгиланди.

Бундан ташқари, ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси, моддий таъминоти тубдан яхшиланди ва энг муҳими Ҳукумат қарорига асосан моддий-техника базани модернизация қилиш ва замонавий лаборатор ускуналар билан жихозлаш учун
3 млн. 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Шу билан бирга Марказ тузилмасига бугунги кун талабларидан келиб чиққан холда ўзгартишлар киритилиб, бир қатор янги бўлимлар ташкил этилди ва ходимлар штат бирлиги сезиларли даражада оширилди.

Қайд этиб ўтилган йўналишнинг амалий натижаси сифатида Марказнинг янги, замонавий талабларга жавоб берадиган ихтисослашган биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини, шунингдек илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизанинг янги турлари, хусусан суд-психологик экспертизаси; суд-электротехника экспертизаси; озиқ-овқат маҳсулотларининг суд экспертизаси, суд лингвистик экспертизаси, суд автомобиль йўллари экспертизаси ва суд компьютер-техник экспертизаларини жорий қилиш юзасидан, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 21 дан ортиқ тасдиқланган мавзулари бўйича илмий – тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судъялар ва адвокатлар учун суд экспертизаси хулосасининг холислиги, илмий асосланганлиги ва қонунийлигини баҳолаш бўйича мисолларни киритган ҳолда турли соҳалардаги суд экспертизалари хулосалари намуналари акс этган “Замонавий суд экспертиза имкониятлари” номли ўқув қўлланма, шунингдек, “Суд-психологик экспертиза асослари” номли ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланди.

Марказ ва бошқа давлат суд экспертиза муассасалари томонидан суд экспертизасини ўтказишда бир ҳил услубиётларни қўланилишини таъминлаш мақсадида, “Давлат суд экспертиза муассасалари ва тегишли давлат органлари эксперт бўлинмалари томонидан ўтказиладиган бир хилдаги суд экспертизаларини ўтказиш бўйича идоралараро услубиётлар рўйхатини юритиш тартиби” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва хизмат доирасида фойдаланиш манфаатдор идораларга ижрога юборилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида, суд экспертиза муассасаларида автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда.

Бундан ташқари, Марказ лабораторияларини ИСО-17025 халқаро стандарти талабларига мувофиқ ҳалқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Марказга жами 25 мингтадан зиёд экспертизалар тайинланди, шундан 20 минг 500 тадан ортиқ экспертиза хулосалари ва мутахассис фикрлари бажарилди.

Шу билан бирга, суд экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларидан келиб чиқиб жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур тахлил қилган холда Марказ экспертлари томонидан турли давлат органлари ва ташкилотларига 136 та профилактик таклифлар берилди.

Марказга келиб тушаетган материалларнинг сифатини таъминлаш мақсадида экспертлар томонидан суд-экспертизани тайинлаган орган вакиллари учун 965 та соҳага оид маслаҳатлар берилди, суд экспертизанинг имкониятлари, уларни тайинлаш қоидалари ва ўтказиш тартиби бўйича 154 та маърузалар ўқилди.

Бундан ташқари, суд-тергов орган ҳодимлари учун ҳудудий семинарлар ўтказилиб келинди. Хозирча бу ҳудудий семинарлар Урганч, Буҳоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган бщлиб,  2020 йилда бундай семинарлар Фарғона, Термез ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилади.

Марказнинг Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказида Давлат хавфсизлик хизмати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги эксперт криминалистик бош маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг жами – 199 та экспертлари учун ҳуқуқий билимларни ошириш курслари ташкил этилди. Шунингдек, Марказ ходимларининг 31 нафарининг малакаси оширилди.

Замонавий суд экспертизасининг имкониятлари тўғрисида кенг реклама
ва тарғибот кампанияларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган давр мобайнида 412 дан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу кўрсаткич бўйича ўтган йилларга қараганда анча юқори натижаларга эришилди, яъни тарғибот тадбирлари 3,5 баробарга ошди.

Марказнинг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораториясининг имкониятлари ҳақида реклама кўринишидаги видеоролик яратилди.

Тадбир жараёнида ОАВ вакиллари суд-экспертиза фаолиятига оид барча саволларига давлат суд экспертлари томонидан жавоб олдилар.

Х.Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертиза марказининг
Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик
билан алоқалар бўлими

Тел. 71-209-11-55

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .