Экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини ҳужжатлаштириш фаолиятини такомиллаштириш масалалари

Маълумки, жиноятчиликка қарши курашда суд экспертизаларнинг имкониятларидан фойдаланиш масалаларига мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилади. Бу фаолиятни такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунинг тасдиғи сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4049-сон ҳамда 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарорларини келтириш мумкин.

Охирги қарорда “Илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, суд экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди”[1].

Юқоридаги устувор йўналишлардан келиб чиқиб, суд-экспертлик фаолиятида мавжуд камчликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда суд экспертларининг жиноятларни очиш ва тергов қилиш жараёнинг криминалистик таъминотининг ривожланиш истиқболларини ўрганиш ҳамда такомиллаштириш борасида тегишли илмий изланишлар олиб боришга эҳтиёж сезилади. Чунки, Ўзбекистон Республикасида бу борада қилинмаган ишлар жуда кўп, жумладан, суд экспертларининг фаолияти­ни баҳолаш мезонларининг йўқлиги, эксперт хулосасининг кириш, тадқиқот ва якуний хулосалари қисмидаги ҳамда далилий ашёларни таърифлаб ёзишдаги камчиликларнинг мавжудлигини ҳозирги кунда инкор этиб бўлмайди.

Шу боисдан, суд экспертиза фаолиятида экспертиза натижалари
ва эксперт хулосасини ҳужжатлаштириш фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ушбу фаолиятни такомиллаштиришни ўрганиш ва таҳлил этиш, уларни бартараф этиш йўлларини излашга ҳаракат қилдик.

Экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштириш соҳа мутахассисларининг фикрича қуйидаги икки хилда усулда амалга оширилиши мумкин:

  1. Эксперт хулосаларини баҳолаш;
  2. Экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ва натижаларни расмийлаштириш фаолиятини назорат қилиш[2].

Эксперт хулосаларини баҳолаш усулини ўриб чиқайлик. Хулосанинг объективлигини баҳолашда, уни бу ишдан манфаатдор бўлмаган, махсус билимлар асосида ва текшириш натижаларига ишонган шахслар томонидан берилгани асос бўлади. Бу талабнинг бузилишига экспертнинг исботланмаган, рад қилинган ва тўлиқ бўлмаган далиллар асосида, эксперт ваколати доирасига кирмайдиган ҳаракатлар доирасида баҳолаш ва хулоса бериш киради.

Экспертнинг мажбуриятига экспертиза объектини сақлаш ва тўлиқлигини таъминлаш киради. Агар объект экспертиза қилиш жараёнида тўлалигини йўқотган ёки қисман бузилган ёки шакли ўзгарган бўлиб, бунинг натижасида қайта экспертиза ўтказиш имконияти қолмайдиган холатга келиши мумкин бўлган тақдирда, эксперт жиноят ишини юритаётган органдан тегишли рухсат олиши ва бундай натижаларнинг бўлиши тўғрисида огоҳлантириб қўйиши шарт.

Ушбу мавзу бўйича махсус криминалистик адабиётларни ўрганиб ҳамда бой амалий тажрибага эга бўлган суд экспертларининг фикрларини таҳлил қилиб, юқорида таъкидланган экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштиришнинг биринчи – эксперт хулосаларини баҳолаш усулидан фойдаланиб, экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни таклиф қилиш мумкин:

биринчидан, суд экспертиза муассасалари раҳбарлари тергов ва суд органлари раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришда суд эксперти иштирокида олинган ҳамда экспертиза тайинлаш учун тақдим этилган ашёвий далиллардан фойдаланиш фаолиятини биргаликда таҳлил этишлари лозим;

иккинчидан, тергов ва суд органлари томонидан экспертиза хулосаларини жиноятларни очиш ва тергов қилиш фаолиятида қай даражада фойдаланганликларини мунтазам таҳлил қилиб боришлари керак;

учинчидан, суд экспертларининг иш фаолияти кўрсаткичларини ишлаб чиқиш (масалан, ўтказилган экспертиза тадқиқотларининг миқдори, сифати, экспертиза наижаларини расмийлаштириш фаолияти, қўйилган саволларга жавоб бериш сифати ва шу кабилар);

тўртинчидан, суд экспертиза муассасасининг экспертиза ўтказиш, экспертиза натижалари ҳамда эксперт хулосаларини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштириш масалаларини йиғлишиларда кўриб чиқиш ва мухокама этиш, уларнинг фаолиятини баҳолаш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ҳамда ушу камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштиришнинг иккинчи усулиэкспертиза тадқиқотларини ўтказиш ва натижаларни расмийлаштириш фаолиятини назорат қилишда эса қуйидаги тадбирлар орқали амалга оширилади:

– экспертиза ўтказишнинг муддати ва сифатини назорат қилиш;

– суд экспертларига бошқа тегишли вазирликлар ва идораларнинг экспертиза муассасаларида фаолият кўрсатадиган мутахассислари томонидан маслаҳатлар ўтказилишини ташкил қилиш;

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг етакчи мухатассислари, амалий ва назарий ходимлари иштирокида, экспертиза натижалари
ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ва йиғилишлар ўтказиш;

– суд экспертларининг хулосаларини мунтазам равишда, соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан тақриздан ўтказилишини ташкил қилиш[3].

Юқорида ташкилий ишларнинг аҳамияти экспертиза натижалари
ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштиришда жуда катта ҳисобланади, жумладан, экспертиза ўтказишнинг муддати
ва сифатини назорат қилишда суд экспертиза муассасасининг раҳбари эксперт хулосаларини муддатлари, тадқиқотларнинг тўлиқлиги ва ҳар томонламалилиги, якуний хулосаларнинг асосланганлиги ва уларнинг қўйилган саволларга мослиги, кўргазмали материалларнинг сифати, тадқиқот методларининг тўғрилиги ва самарадорлиги нуқтаи-назаридан текшириб боради.

Суд экспертларига бошқа вазирликлар ва идораларнинг экспертиза муассасаларида фаолият кўрсатадиган мутахассислари томонидан маслаҳатлар ўтказилишини ташкил қилиш эса объектларни тадқиқот қилишнинг хусусий методикалари бўлмаса ёки етарлича даражада ишлаб чиқилмаган ҳолларда, терговчи томонидан қўйилган саволларга илмий асосланган ва илм-фаннинг илғор ютуқларига асосланган ҳолда жавоб бериш имкони яратади.

Ундан ташқари, суд экспертларининг хулосаларини мунтазам равишда, соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан тақриздан ўтказилишини ташкил қилишда мураккаб ва кўп объектли экспертиза хулосалари, уларнинг фотожадваллари, терговчининг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорлари тақризга юборилади, тақриз натижасида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар экспертларнинг келгуси фаолиятида инобатга олинади.

Юқоридаги фикрлар асосида экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни таклиф қилиш мумкин:

биринчидан, экспертиза амалиётини мунтазам равишда таҳлил қилиш ва умумлаштириб бориш зарур. Чунки, таҳлил натижасида ушбу фаолиятдаги мавжуд камчиликлар аниқланади ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Ушбу таклиф ва тавсиялардан суд экспертиза муассасасининг келгуси фаолиятида фойдаланиш, экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштириш фаолиятини такомиллаштиришга сабаб бўлади;

иккинчидан, суд экспертиза муассасасининг фаолиятида мавжуд назорат ҳужжатлар, ҳужжатлаштириш ҳамда иш юритиш фаолиятини тўғрилиги мунтазам равишда текшириш. Бу фаолият натижасида ҳисобга олиш ва рўйхатга олиш журналларини юритиш, экспертиза натижалари
ва эксперт хулосаларини расмийлаштириш жараёни тўғри юритилаётганлиги аниқланади, камчиликларга йўл қўйилмаслигига эришилади;

учинчидан, тадқиқот объектларининг текширишда экспертиза тадқиқотлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаслик ҳолатларини аниқлаш ва бунга нисбатан тегишли чоралар кўриш лозим. Чунки, юқоридаги каби ҳолат суд экспертларининг фаолиятида масьулиятсизликни келтириб чиқаради ва натижада бутун тизим самарасиз иш олиб боради.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4125-сон қарори / Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19 январь 2019. 07/19/4125/2510-сон.

[2] Ивашко В.И. и др. Деятельность экспертно-криминалистческих подразделений органов внутренних дел по применению экспертно-криминалистических методов и средства в раскрытии и расследовании преступлений. – М., 1996. – С.104.

[3] Қаранг: Рисунков Н.К. Криминалистика: проблеми и тенденция развития. – М., 2006. – С.446.; Скорченко П.Т. Криминалистика: технико-криминалистическое обеспечение раследования преступлений. – М., 2004. – С. 380.

М.М. Мухамеджанова – Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ суд-баллистика ва трасология экспертизаси лабораторияси эксперти

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .