Суд-фонографик экспертизаларини ўтказиш жараёнида ахборот технологиялар соҳасидаги ютуқларни қўллаш

Суд-фонографик экспертизалари амалий фаолиятнинг бир соҳаси сифатида, турли меъёрий мувофиқлаштириш, фаолият субъектларининг мақоми ва функциялари, техник воситалар тизими, илмий асослар, экспертиза тадқиқотларининг метод ва методикаларидан иборат бўлган элементларнинг мураккаб тизимидан иборатдир. Шу сабабли, бу каби мураккаб ва динамик ривожланиб бораётган тизим тегишли техник воситаларни қўлламасдан мавжуд бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас. Бундай техник воситалар орасида ахборот технологиялари муҳим аҳамият касб этади.

Компьютер техникалари ва ахборот технологиялар барча турдаги экспертизаларнинг имкониятини янада кенгайтиришга йўлланма берган сермаҳсул ахборотли ёндашувларни ҳосил қилиш билан бирга, суд экспертизаларини ўтказиш жараёнини автоматлаштириш имконини ҳам яратди. Бундай имконият натижасида бир томондан, экспертиза тадқиқотларини билиш жараёни сифатидаги муайян ўзгаришлари (ривожланиши), иккинчи томондан эса – экспертизаларнинг имкониятлари сезиларли даражада ўсиши, шунингдек тадқиқотлар натижасида олинадиган маълумотларнинг илмий асослантирилиши вужудга келди.

Ҳозирги кунда илмий-техник тараққиёт, ахборот технологияларнинг кенг ҳажмда ривожланиши, шунингдек компьютер техникасининг тараққий этиши суд-фонографик экспертизаларининг мазмуни ва хусусиятларига янгича ёндашишни, ҳамда экспертиза тадқиқотларида замонавий техниканинг аҳамиятини сифат жиҳатдан ўзгартирадиган метод ва воситаларини жадал ривожланишини ҳосил қилди. Хусусан, илмий-техник тараққиётнинг суд-фонографик экспертизаларининг амалиётига таъсири шундаки, бу амалиётда, ўз табиатига кўра турли аппаратура, кўп миқдордаги қурилма ва қурилмалар тизимларини қўллаш, инновацион технологиялар билан умумий узвийликни ташкил қилувчи дастурий таъминотларни қўллашдан иборат бўлган методлардан фойдаланиш жуда кенг тарқалди.

Бундай методларда тадқиқотларнинг бир ёки бир неча умумий – илмий методларнинг ўзига хос хусусиятларини фарқлаш мумкин. Умумий методлар сирасига суд экспертизаси амалий фаолиятининг барча соҳаларида қўлланиладиган методлар, яъни кузатиш (кўздан кечириш), таърифлаш, таққослаш, эксперимент, моделлаштириш (ҳаёлий, моддий); мантиқий методлар: таҳлил ва синтез, индукция ва дедукция, тусмол (гипотеза), аналогия ва ҳ.к.; математик методлар: ўлчаш, ҳисоблаш, геометрик тузиш, математик моделлаштириш ва ҳ.к.ларни санаб ўтиш мумкин.

Махсус методлар деганда эса, қўлланилиш соҳаси бир ёки бир неча фанлар доирасида чегараланган методларни тушуниш мумкин. Криминалистикада махсус методлар тизими қуйидагиларни қамраб олади: хусусий криминалистик методлар, яъни дастлаб криминалистика фанида ишлаб чиқилган ва фақат шу фан доирасида қўлланиладиган методлар (масалан, монтаж белгиларини аниқлашнинг фонографик методи); криминалистканинг махсус методлари, яъни бошқа фанлар доирасида ишлаб чиқилган ҳамда махсус криминалистик вазифаларни ҳал қилиш учун ўзгаришларсиз қўлланиладиган методлар.

Суд-фонографик экспертизаларда қўлланиладиган методлар бу – таянч фанларнинг (акустика, лингвистика, радиофизика ва ҳ.к.) тегишли соҳаларига оид илмий билимларни қўллаш натижасидир. Фундаментал ва амалий фанларнинг ривожланиши билан бу методлар мураккаблашади, криминалистик фонографиянинг имкониятлари янада ортади ва натижада жиноят ёки фуқаролик ишлари бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун долзарб бўлган масалаларнинг кенгроқ кўламини ҳал қилиш имконияти ортиб боради, шунингдек, ушбу соҳага оид назарий ва амалий ёндашувларни такомиллашишига олиб келади. Бунда илмий билимларни интеграциялаш ва дифференциациялаш жараёнлари, таянч фанларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, уларни суд экспертизаларининг бошқа турлари билан уйғунлаштириш муҳим аҳмият касб этади.

Ҳозирги кунда суд-фонографик экспертизаларини ўтказиш жараёнларида компьютер технологияларидан фойдаланишнинг самараси жуда сезиларли даражададир. Суд экспертиза фаолиятида замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш даражасини масалан, ҳозирги кунда РСЭМ суд-фонографик экспертизалар лабораториясида амалда қўлланиладиган “ИКАР” фонограммаларни криминалистик тадқиқот қилиш аппаратли дастурий комплекс тизими имкониятларидан ҳам кўриш мумкин. Бу оғзаки нутқни таҳлил қилиш бўйича ахборот комплекси бўлиб, қуйидаги асосий вазифаларни бажариш имконини беради: овоз (товушли) сигнали бўйича шахсни идентификаци қилиш, турли аудио-видео фонограммаларида мавжуд бўлган монтаж белгиларини тадқиқ қилиш, товуш чиқарувчи объектларни диагностика ва идентификация қилиш, турли импульсли шовқинлар натижаси тушунарсиз бўлган оғзаки нутқ мазмунини аниқлаш, фонограммаларнинг асли ва нусхаларини аниқлаш ва ҳ.к. Эксперт-фонографист фонограммаларни, ҳужжатларнинг техник экспертизасига яқин шаклларда криминалистик тадқиқот қилиш имкониятига эга бўлади. Фонограммани тадқиқот қилиш жараёнида эксперт, махсус экранда доимий равишда текширилаётган фоно-объектнинг учта асосий шаклларини кўриб туради: унинг қувват даражасининг динамикаси кўринишидаги умумий кўриниш, фоно-объектнинг жорий нуқтасидаги осциллограмма кўринишидаги “микросегмент”, шунингдек фоно-объект таҳлилининг асосий шакллари (осциллограмма, амплитуда-фазали спектр, уйғунлик функцияси ва асосий овоз тони индикатори, сонограмма ва ҳ.к.).

Товушли тасвирларнинг динамик амплитудавий (сонограмма) таҳлили сигналларнинг гармоник (уйғунлик) компонентларини аниқлаш имконини беради ва натижада ушбу тизим фонограммадаги монтаж белгиларини тадқиқотларида жуда муҳим аҳамият касб этади, чунки у шахсни оғзаки нутқ сигнали бўйича идентификация қилиш учун зарур маълумотларни кўп ҳажмда бера олади. Барча бу каби таҳлилий тадқиқотлар эса компьютер техникаси ва ахборот технологиялар ёрдамидагина ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, ахборот технологияларнинг ривожланиши бир жойда тўхтаб турмайди. Дунёда ҳар куни, кундалик турмушнинг барча соҳаларида қўлланилиши мумкин янги алгоритмлар, қурилмалар, ёзув форматлари, рақамли ахборот ташувчилар, дастурий таъминот ва бошқа кўплаб технологиялар пайдо бўлмоқда. Бугунги кунда барча янги ахборот ва технологик янгиликлар ортидан қувиш эмас, балки суд экспертиза фаолиятида самарали қўллаш мақсадида, уларнинг ишлаш принципларини батафсил ўрганиш вақти келди. Магнит тасмалар вақти аллақачон ўтиб кетди, уларнинг ўрнини эса, овоз ёзиш, ахборот ҳажми ва сифати бўйича жуда самарали бўлган рақамли қурилмалар эгаллаб бўлди. Бироқ, рақамли ёзувларнинг юқоридаги ижобий томонлари ва ютуқларига қарамасдан, товуш ёзиш усулларини ўзгариши (мураккаблашиши) ҳисобига, товуш  сигналларнинг қалбакилаштириш ҳолатларини аниқлаш бир мунча қийинлашди.

Шу билан биргаликда, бизнинг фикрмизча, ахборот технологиялари эксперт-фонографистни ўрнини тўлиқ боса олмайди. Аммо улар, тегишли экспертиза тадқиқотларини ўтказишда суд экспертига жуда катта амалий ёрдам бера олади. Бундай ёрдам албатта, изланишли техник хусусиятга эгадир, чунки экспертизаларни бевосита ўтказиш жараёнида тегишли тадқиқотларига оид метод ва методикаларни танлашга ижодий ёндашувни  фақат инсон бажара олади. Хулоса қилиб, суд экспертиза фаолиятидаги вазифаларни самарали бажариш имконини берувчи замонавий ахборот технологияларини чуқур ўрганиш – эксперт хулосасининг сифати ва ишончлилигини ошириш учун ҳозирги кунда долзарблигини таъкидлаш  зарурдир.

Н.Б. Абрарова – РСЭМнинг СФЭ лабораторияси мудири

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .