18/03/2019

Савол ва жавоблар

Суд экспертизаси деганда нима тушунилади?

Суд экспертизаси бу фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонуни 3-моддаси)

Суд эксперти ким?

Суд эксперти бу хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида тайинланган жисмоний шахс

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонуни 3-моддаси)

Давлат суд эксперти ким?

Давлат суд эксперти бу  давлат суд-экспертиза муассасасининг ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти

Суд экспертининг хулосаси қандай ҳужжат?

Суд экспертининг хулосаси (хулоса) — суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси томонидан тузиладиган ва суд-эксперт текширишларининг олиб борилишини ва натижаларини акс эттирадиган ёзма ҳужжат.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонуни 3-моддаси)

Суд-экспертлик фаолиятининг асосий принциплари нимадан иборат?

Қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд-эксперт текширишларининг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги суд-экспертлик фаолиятининг асосий принципларидир.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонуни 4-моддаси)

Суд эксперти сифатида кимлар иштирок этиши мумкин?

Суд эксперти сифатида давлат суд эксперти, бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Бошқа ташкилот ходими суд экспертизасини уни тайинлаган орган (шахс) томонидан мазкур ташкилотга берилган топшириқни бажариш тартибида ўтказади.

Фуқаролик, иқтисодий, жиноят (шу жумладан, терговга қадар текширув материаллари) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишда суд эксперти сифатида иштирок этиш учун жалб этилган бошқа жисмоний шахс бирон-бир давлат суд-экспертиза муассасаси штатида турмайди ва суд экспертизасини уни тайинлаган органнинг (шахснинг) топшириғини бажариш тартибида ўтказади.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар суд эксперти сифатида жалб этилиши мумкин эмас. Шахснинг суд эксперти сифатида иштирок этишини истисно этадиган бошқа ҳолатлар процессуал қонунда назарда тутилади.

Суд эксперти ўз фаолияти бўйича мустақилми?

Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 7 моддасига кўра, суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир.

Суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига (бундан буён матнда махсус билимлар деб юритилади) мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларига асосланиб хулоса беради.

Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Суд экспертига қандай малакага оид талаблар мавжуд?

Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 11 моддасига кўра, Давлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича кейинги тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эгаллаши мумкин.

Суд эксперти сифатида жалб этиладиган бошқа ташкилот ходими ва бошқа жисмоний шахс олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлиши лозим.

Давлат суд-экспертиза муассасаси деганда нимани тушунамиз?

Суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган ихтисослаштирилган муассаса давлат суд-экспертиза муассасасидир. Суд-экспертлик фаолияти тегишли давлат органларининг экспертиза бўлинмалари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Суд экспертизасини ўтказиш мазкур экспертиза бўлинмаларига топширилган ҳолларда, улар давлат суд-экспертиза муассасалари каби вазифаларни амалга оширади, ҳуқуқларга эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар бўлади.

Айни бир хил ихтисосликдаги давлат суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ташкил этиш, ўтказиш, давлат суд экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш суд-экспертлик амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасасида суд экспертизалари, бу муассаса қайси давлат органи ихтиёрида бўлса, ўша давлат органи томонидан аниқланадиган, у учун белгиланган хизмат кўрсатиш минтақаларига мувофиқ ўтказилади.

Суд экспертизасини тайинлаган ва давлат суд-экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд экспертизаси, истисно тариқасида, ушбу муассаса томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонуни 12-моддаси)

Суд экспертизасини ўтказишга нималар асос хисобланади?

Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 17-моддасига кўра, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир.

Суд экспертизаси қачондан бошлаб тайинланган деб ҳисобланади?

Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 17-моддаси)

Қўшимча ва қайта экспертиза нима учун тайинланади ва қандай ўтказилади?

Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 18-моддасига кўра, қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.

Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади.

Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

Қандай ҳолларда Хулоса беришнинг имкони бўлмайди.

Агар суд эксперти қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 24-моддаси)

Суд экспертлик фаолиятнинг молиялаштириш тартиби қандай?

Давлат суд-экспертиза муассасалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат суд-экспертиза муассасалари фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича суд экспертизаларини ўтказганлик учун тўлов ундиришга ҳақлидир. Бунда судда даъво тақдим этган ҳамда даъвони қувватлаётган давлат органлари давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан ўтказилган суд экспертизалари учун тўловдан озод этилади. Тўлов миқдори ва мазкур маблағларни сарфлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Бошқа ташкилот ходимлари ва бошқа жисмоний шахслар томонидан суд экспертизалари ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 25-моддаси)

Давлат суд-экспертиза муассасаларининг фаолиятини ташкилий ва илмий-услубий таъминлаш ким томонидан амалга оширилади?

Давлат суд-экспертиза муассасаларининг фаолиятини ташкилий таъминлаш, улар қайси давлат органлари тасарруфида бўлса, ўша давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Суд экспертизаларини ўтказишни илмий-услубий таъминлаш тегишли давлат суд-экспертиза муассасаларига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришни ва унга илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 26-моддаси)

Давлат суд-экспертиза муассасаларининг суд-экспертлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш вандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 27-моддаси кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма сўровига кўра суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиши шарт. Бунда давлат суд-экспертиза муассасалари давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи олинган маълумотларнинг ошкор қилинмаслигини таъминлайди.

Суд экспертизаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик борми?

Суд экспертизаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

(Ўзбекистон Республикаси “СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ ТЎҒРИСИДА”ги Қонунининг 31-моддаси)

ДНК экспертизаси бажарилиш муддатлари қанча?

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг (2011 йил 02 март, рўйхат рақами 2202) 12-бандларига мувофиқ: Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари суд экспертизасининг мураккаблиги ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўттиз кун доирасида белгиланади.

Экспертиза муассасаси раҳбари, унинг ўринбосари, лаборатория, бўлим ва бўлинма бошлиғи томонидан суд экспертизасининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек, суд экспертининг иш ҳажмига қараб:

кам объектли ва мураккаб бўлмаган текширув ўтказишга доир материаллар бўйича ўн кунгача;

кўп объектли ёки мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича йигирма кунгача;

кўп объектли ва мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича ўттиз кунгача бўлган муддатларни белгилаши мумкин.

Суд экспертизасини ўтказишни ўттиз кун мобайнида бажариш мумкин бўлмаган тақдирда экспертиза муассасаси раҳбари муддат ўтишидан уч кун олдин асосланган хулоса тузади ва бу тўғрида суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёзма равишда хабар қилади ҳамда улар билан келишган ҳолда қўшимча муддатни белгилайди.

Агар суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) билан келишган ҳолда суд экспертизасини ўтказиш учун қўшимча муддатни белгилашнинг имкони бўлмаса, суд экспертизаси ўтказилмаслиги сабаблари кўрсатилиб, материаллар суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.

Одам ДНКси СБЭ лбораторияси етакчи эксперти Н.Саитова

ДНК экспертизаси текширув объектлари нималар?

Ўз таркибида ДНК молекулаларини сақлайдиган ҳар қандай одам биологик материаллари,  жумладан қотиллик содир этилгандаги биологик материаллар ташувчилар:

  • Воқеа жойидаги қон излари;
  • қон ва тана ажратмаларининг қуриб қолган излари;
  • Ашёвий далилдаги биологик излар (қон, сўлак, тер-ёғ излари), яъни сигарет қолдиқлари; воқеа жоида қолдириб кетилган кийим кечаклар, жумладан кепка, ниқоблар; стакан; бакалажкалар;
  • қотиллик қуролларидаги биологик излар (қон, тер-ёғ излари), яъни пичоқ, арқон, стол, стул, турли темир буюмлар, шиша идишлар, тошлар каби қотиллик қуроллари сифатида фойдаланилган барча нарсалардаги қон ва тер-ёғ қолдиқлари;
  • воқеа жойидан топилган соч толалари;
  • бўлакланган тана қолдиқлари;
  • мурда объектлари;
  • юмшоқ тўқималар;
  • тишлар;
  • суяк фрагментлари.

Номусга тегиш ишларида:

  • ўзида маний қолдиқларини сақловчи турли кийимлар, ички кийимлар, ёпинчиқлар, ёстиқлар, суртмалар ва бошқалар.
  • Аборт материаллар

    Одам ДНКси СБЭ лбораторияси эксперти О.Пулатов

Фуқароларнинг хусусий мурожаатлари бўйича суд экспертиза ўтказиш мумкинми?

Просессуал қонунчиликка мувофиқ (ЎзР ЖПКнинг 180-м.) суд экспертиза ўтказиш учун терговчининг қарори ёки суднинг ажрими асос бўла олади. Шунинг учун фуқароларнинг хусусий мурожаатлари бўйича суд экспертиза ўтказилмайди.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .