Республика Суд экспертизаси марказининг Ўқув маркази фаолияти: мақсад ва вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётимизнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизда барча соҳалар каби суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми бўлган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан 2017 йил 13 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги 206-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида экспертларни замон талаблари даражасида малакасини ошириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг суд экспертларининг малакасини ошириш Ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Қарорга биноан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини, шунингдек бошқа суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини ташкил қилиш; мунтазам равишда суд экспертларининг назарий ва ҳуқуқий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини ошириш, ишчанлик ва касбий фазилатларини такомиллаштириш; ўқув жараёнига ҳуқуқий фанлар, суд экспертизаси ва экспертлик амалиётига оид илғор ютуқларни ўрганишни жорий қилиш ҳамда суд экспертлик фаолияти бўйича амалий таклифлар, тавсиялар ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш кабилар Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ўтган икки йил мобайнида юқоридаги вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказида Марказнинг барча суд экспертлари суд экспертизалар мутахассисликлари бўйича тўлиқ малака оширдилар ва белгиланган намунадаги сертифкатга эга бўлдилар.

Шунингдек, ўтган давр  мобайнида Республикамиз давлат суд экспертиза муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати эксперт-криминалистик хизмати ҳузуридаги суд экспертиза муассасалари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг экспертиза ўтказиш имконига эга ходимлари ва ҳ.к.) мутахассислари ҳуқуқий билимларини оширдилар ва белгиланган намунадаги сертификатларга эга бўлдилар.

Ўқув жараёнларини ташкил қилиш мақсадида, Ўқув маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил
13 апрелдаги 206-сон Қарори билан тасдиқланган “Суд экспертларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари” асосида, Марказда мавжуд экспертиза турлари бўйича ҳамда “Суд экспертларининг ҳуқуқий тайёргарлиги” курси бўйича ўқув (фан) дастурлари, ўқув режалари ва ўқув жараёни учун зарур бўлган ўқув-методик ҳужжатлар (курслар бўйича маъруза фондлари; мавзуларга оид презентациялар; мавзулар бўйича тарқатма материаллар; мавзуий режа ва дарс жадваллари) тайёрланди ва белгиланган тартибда тасдиқланди. Ушбу ўқув-методик ҳужжатлар асосида суд экспертиза мутахассисликлари бўйича малака ошириш курслари ва “Суд экспертларининг ҳуқуқий тайёргарлиги” курси бўйича ўқув курслари, ҳафтасига 36 соат ҳажмда ташкил этилди.

Машғулотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ва Марказнинг бой амалий тажрибага эга мутахассислари олиб бордилар. Ҳар бир тингловчига ўқув жараёнини янада такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳаза ҳамда таклифларни ўрганиш, улардан келгуси ўқув жараёнини ташкил этишда фойдаланиш мақсадида анкета-сўровлар ўтказилди. Ўқув йиғинларининг якунида Марказ директори томонидан тасдиқланган Комиссия томонидан малака оширишга жалб қилинган ходимлар учун якуний назоратлар (тест сўровлари шаклида) ўтказилди.

Охирги вақтларда мамлакатимизда суд-экспертлик фаолиятини халқаро стандартлар талабларига мослаштириш, ушбу соҳани янада ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бунинг яққол тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори қабул қилинганлигини таъкидлаш мумкин. Ушбу қарор билан Республикамизда нодавлат суд экспертиза ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилди, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Фанлар Академияси Ботаника институти, Фанлар Академияси Зоология институти ва Ўзбекистон Бадиий академияси каби давлат муассасаларида ўташлари; суд экспертизаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган шахсларга уларнинг касбий лаёқатини ва суд экспертларига тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификати берилиши белгилаб қўйилди.

Нодавлат суд экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини мавжуд суд экспертизаларнинг муайян турлари бўйича қайта тайёрлаш жараёнини Марказда ташкил қилиниши суд экспертларини қайта тайёрлашни тизимли олиб боришга ва олган билимларни баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилашга имкон яратади. Марказнинг келгусида бундай вазифаларни бажариши учун эса бугунги кунда Ўқув марказининг фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Халқаро хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижаларига асосланиб, Ўқув марказининг келгуси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бқорида таъкидланган “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган, нодавлат суд экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини қайта тайёрлаш вазифасини ижросини таъминлаш мақсадида, фикримизча қуйидагилар талаб қилинади:

– Марказ лаборатория ва бўлимлари билан ҳамкорликда, экспертиза турлари бўйича нодавлат суд экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини қайта  тайёрлаш бўйича Ўқув дастурлари ва тегишли машғулотларни ўтказиш учун методик ишланмалар ҳамда бошқа зарур ўқув-методик ҳужжатлар (мавзуий режа, дарс жадваллари, маъруза фондлари, презентациялар ва ҳ.к.) ишлаб чиқиш;

– суд экспертларини қайта тайёрлаш бўйича курсларни илғор хорижий тажрибаларга асосланган ҳолда, янги педагогик технологияларни қўллаган ҳолда ташкил қилиш;

– суд экспертизаларининг турлари бўйича ўқув машғулотларини Мараз лаборатория ва бўлимларида, уларнинг моддий-техник базасидан самарали фойдаланган ҳолда ва амалий суд-экспертлик фаолиятига бевосита боғлиқ ҳолда ташкил қилиш;

– суд экспертларининг касбий ва ҳуқуқий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини шакллантириш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ суд-экспертлик фаолияти сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий ва ҳуқуқий тайёргарликни ошириш;

– суд экспертлари томонидан замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали ўзлаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;

– суд экспертларини қайта тайёрлаш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш, суд экспертларини қайта тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.

– суд экспертларини қайта тайёрлаш бўйича ўқув жараёнига Марказнинг халқаро майдондаги ҳамкорларини (жумладан, Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг суд экспертиза муассасалари) ҳам белгиланган тартибда жалб қилиш, хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинг, “мастер-класс”лар ташкил қилиш.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш бўйича таълим жараёнида ўтказиладиган тегишли машғулотлар энг аввало, мутахассисларни суд экспертиза соҳасидаги янгиликлар, суд экспертизаларининг янги услубиётлари, ишлаб чиқилган янги илмий ишланмаларни жорий қилиш ва тарғиб қилиш, мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишлари, ўзаро ҳамкорлик фаолияти асосларини ўрганишлари учун мўлжалланган. Бунда ўқув жараёни суд экспертларининг амалий фаолиятида учраб турадиган, экспертиза тайинлаган шахсларнинг суд экспертиза имкониятларини билмаслги ёки илмий асосланмаган, шунингдек эскирган услубиётларни қўллаш билан боғлиқ хатоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга имкон яратиши лозим. Айнан шу жараёнда, суд экспертлари мамлакатимиз қонунчилигидаги суд-экспертлик фаолиятига оид янгилик ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари асосий мақсадлардан бири бўлиши зарур.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .