Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш: суд иқтисодий экспертизасининг ўрни ва аҳамияти.

    Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларга ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш кўникмаларини шакиллантириш кўп жиҳатдан аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд иқтисодий экспертлари томонидан амалга оширилаётган суд экспертиза тадқиқотларини адолатли, одилона ўтказилиб ҳолис хулосалар беришдаги амалий фаолиятига ҳам боғлиқ. Бу жараёнда инсон ва унинг манфаатлари бош мезон этиб белгиланган Конситутциямизнинг юртдошларимиз ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этиш жоиз.
    Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар замирида ҳаётимиз фаровонлигини таъминлаш ва мамлакатимиз аҳолисини турмуш шароитини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар мужассам. Одил судловни таъминловчи судлар ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан чиқарилаётган ҳукм ва қарорларнинг хар жиҳатдан ҳолислик билан эълон қилинишида суд экспертизасининг хулосалари алоҳида муҳим роль ўйнайди. Суд экспертизаси даҳлсизлигини таъминловчи меъёрлар бугунги кунда халқаро талабларга тўла жавоб беради. Суд экспертизаси билан боғлиқ тамойиллар “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиниб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг процсессуал қонунларига биноан суд экспертизаси – жиноий, фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий ишлар материаллари бўйича фактик малумотлар ва ҳолатларни белгилаш учун эксперт томонидан процессуал қонунда назарда тутилган тартибда ўтказиладиган махсус билимлар доирасидаги тадқиқотларга қаратилган.
Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва самарали тергов олиб бориш фақат махсус иқтисодий билимлардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Бунда хўжалик юритувчи субъектнинг нафақат молиявий хўжалик операциялари, балки ўзида иқтисодий кўрсатгичларни ифодаловчи бухгалтерия, статистика ва тезкор ҳисоб ҳужжатлари тадқиқ қилиниши керак.
    Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими экспертлари томонидан, суд-бугалтерия, молия-кредит, меҳнат иқтисоди, суд режа-иқтисодий, суд иқтисодий статистик ва ташқи савдо фаолияти суд иқтисодий экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар ўтказилиб тегишли хулосалар бериб келинмоқда.
Шуни эътироф этиш жоизки, суруштирувчи, терговчи, прокурор ва суд фаолиятида бугунги замонавий техналогияларини жорий қилишни асосий механизмини ташкил қилган суд экспертизасининг ўта мураккаб жиноятларни очиш, тергов ва судда уларни инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан таъминлашдаги нуфузи тобора ортиб бормоқда.
Суд экспертизасига келаётган жиноят ишларининг аксарияти, экспертиза тадқиқотига зарур бўлган хужжатларни ташкил қилади. Уларнинг орасида муаммоли ва мавҳум бўлган жиноят ишлари аксарият ҳолларда кўп учрайди. Бундай ҳолатда экспертиза муассасасининг экспертларидан чуқур билим, кўп йиллик тажриба ва малака талаб қилинади. Чунки бундай ишлар устидан ҳар томонлама адолатли ҳукм чиқарилишида суд иқтисодий экспертизасининг кенг доирадаги таҳлиллар асосида ёндашилган ҳолда тадқиқотлари ҳамда хулосалари муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
    Шу боис бугунги кунда суд-иқтисодий экспертизаси бўлимида ҳар томонлама малакали ходимлар хизмат қилмоқда. Бўлимга келаётган хужжатларга экспертлар синчковлик билан олиб борилган тадқиқотлар натижасида берилган хулосалар судлар томонидан одил ҳукм чиқаришда ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, солиқ, банк, тадбиркорлик субъектлари ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида содир этилган жиноятлар бўйича эксперт тадқиқотини ўтказиш талаби кучайди. Бунда тергов ва суд амалиётида суд-иқтисодий экспертизасининг турларига бўлган талаб янада жонланиб ҳуқуқ тартибот идоралари орасидаги муносабатларнинг узвийлигини кучайтирмоқда. Бу ўз-ўзидан тизим ходимларига тинимсиз изланиш ва ташабускорлик талаб қилиш билан бирга катта масулият ҳам юклайди.
Суд бухгалтерия экспертизаси иқтисодий экспертизасининг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, у корхона (ташкилот), хўжаликларнинг бухгалтерия ҳужжатларидаги ҳисоб-китоб жараёнларини (операцияларини) таҳлил қилиниши, давлат, жамоа мулки талон тарож қилинганлик ва бошқа хўжалик, мансаб жиноятларини очиш каби ҳолатларга эхтиёж туғилганда ўтказилади.
    Молия кредит экспертизаси пул маблағлари фондларини шаклланиши ва сарфланиши, кредит маблағларини тақсимланиши асослилиги акс этган, яъни молия-кредит жараёнларини (операцияларини) ўзида акс эттирган ҳужжатларни тадқиқ этиш ҳамда йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатларини аниқлашда олиб борилади.
Меҳнат иқтисоди экспертизаси иш хақи фондларини меъёрдан ортиқча сарфланиши, меҳнат ресурсларидан самарасиз фойдаланишига оид далилларни, меҳнат ва иш ҳақи тўловлари ҳужжатларидаги иш ҳақини тўлаш, уларни ҳисоботларга тўғри акс этиши, пенсия қонунчилиги талабларига риоя этилишини текшириш ва аниқлашда ўтказилади.
Суд режали иқтисодий экспертиза иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишларини тергов қилишда режали иқтисодий кўрсатгичлар ва шартнома мажбуриятларининг асосли бажарилганлигини аниқлаш керак бўлади. Солиқ ва бошқа кўрсатгичларнинг миқдори билан боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсатгичларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботни бузиб кўрсатиш ва шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда молиявий-хўжалик фаолиятига тегишли малумотлар ҳужжатларда нотўғри акс этиш натижасида моддий зарар етказилган ҳолларда мазкур экспертиза бажарилади.
    Иқтисодий статистик экспертиза иқтисодий кўрсатгичларни бажариш бўйича ҳисоботларни тузишдаги статистик услублар ва статистик хисоботларни тузишдаги қоидабузарлик ҳолатларини аниқлашдир.
    Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси экспорт-импорт операцияларини тузилган шартнома шартларига тўғри келиши билан боғлиқ масалаларни аниқлайди.
Марказнинг СИЭ бўлими ходимлари томонидан суд-иқтисодий экспертизасини бажаришда иш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда эксперт ечимига қўйилган саволларга ҳолисона, илмий асослантирилган хулоса беришда ҳужжатларни тадқиқот қилиш учун суд-иқтисодий экспертизаси услубларини қўллаб, иқтисодиётнинг шу юналишига тегишли бўлган қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлар асосида олиб борилади ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертизаси муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига асосан амалга оширилади.
    Бугунги кунда солиқ тизимида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда суд-иқтисодий экспертиза бўлимида солиқ соҳасидаги экспертизаларни бажариш услубиётини яратиш борасида илмий иш олиб боришга ёндашилган.
Шуни ёдда тутиш керакки, эксперт-иқтисодчининг хулосаси муқаррар далилий кучга эга эмас ва терговчи ёки суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан биргаликда баҳоланади.
    Бир сўз билан айтганда суд-иқтисодий экспертизаси доимо жисмоний ва юридек шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга муҳим тармоқ бўлиб хизмат қилаверади. Зеро меъёрлар ва самарадорлик, адолат ҳамда одиллик тизимнинг муҳим мезонидир.

Адлия Вазирлиги ҳузуридаги
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази
Суд иқтисодий экспертиза бўлими бош эксперти Халмухамедова С.К.

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .