Жиноят ишлари ва фуқаролик ишларини кўришда товаршунослик экспертизасининг роли

Мамлакатда бозор муносабатлари ривожланиб бориши баробарида унга боғлиқ равишда товарнинг эркин бозордаги ҳаракатини таъминловчи хизмат кўрсатиш турлари хилма-хиллиги ҳам ўсиб бормоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, суд-тергов органларининг товаршуносликка оид билимларни қўллашига эҳтиёж ортиб бормоқда, иқтисодий жиноятларни, мулкий низоларни судда кўриб чиқишда объектив ва қонуний иш олиб бориш турли объектларнинг товар сифатини баҳолашни талаб этади. Шу сабабли низоли масалаларни одил судлов орқали ҳал этиш товаршунослик соҳасига оид махсус билимлардан фойдаланишни талаб этади. Иш олиб боришнинг самараси кўп жиҳатдан мазкур экспертиза имкониятларидан қанчалик тўлиқ фойдаланилганлигига боғлиқ.

Мол-мулкни бўлиш, мулкни ҳисобдан чиқариш, мулкка зарар етказганлик ёки бузганлик учун зарарни қоплаш, сифатсиз маҳсулотларни реализация қилганлик билан боғлиқ фуқаролик даъво ишларини кўриб чиқишда кўплаб экспертизалар ўтказилади.

Суд-товаршунослик экспертизасининг мазмуни маҳсулотларнинг ҳақиқий сифатини аниқлаш учун махсус билимлар воситасида уларнинг товар (истеъмол) хусусиятларини аниқлашдан иборат. Ишнинг аниқ ҳолатларини аниқлаш товаршунос экспертнинг имкониятлари ҳамда ваколатлари чегарасини белгилаб беради.

Товаршунослик илмий соҳасида келтирилган назарий ва услубий асослар объектнинг ҳолатини унинг истеъиол (товар) хусусиятлари ҳамда сифатини ўрганишни, шунингдек, атроф-муҳит билан ўзаро алоқага киришиш натижасида  товарнинг хусусиятларида ўзгаришлар пайдо бўлган аниқ шароитларни ўрганишни назарда тутади.

          Уларни суд-товаршунослик экспертизаси масалаларини ечишда қўллаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Баҳолаш  миллий стандартлари, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига, Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза Марказида суд-товаршуномлик экспертизаларини ўтказиш талаблари ва тартибига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Товаршунослик бўлими эксперти: М.Б.Низомов

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .